Хитойлик аёл янги туғилган қизини болалар уйига курьер орқали жўнатмоқчи бўлди

Жамият 12 Август 2017 5624

Хитойнинг Фучжоу шаҳрида яшовчи 24 ёшли аёл янги туғилган қизчасидан қутулишнинг ўта қабиҳ усулини танлади: у она бўлишни истамай, қизчасини болалар уйига топширишга қарор қилган ҳамда уни пакетга солиб, курьер ёрдамида болалар уйига жўнатмоқчи бўлган.  

Аёл қизчани мустаҳкам пакетга солиб, муҳрлаб ва унда яқин орадаги болалар уйи манзилини кўрсатиб, курьерга топширган.

Курьер бу ҳолатдан шубҳаланиб, аёлдан жўнатма ичидагини кўрсатишни сўраган, бироқ аёл буни қилишдан бош тортган ва боз устига, курьернинг раҳбариятига унинг ўта қизиқувчанлиги юзасидан шикоят қилиш билан таҳдид қилган. 

Курьер аёл берган пакет ичидаги нарса қимирлай бошлаб, сўнгра чақалоқ овози эшитилгандан кейин полицияга мурожаат қилган. 

Полиция қизчани Цзинань туман шифохонасига юборган. Полициячилар чақалоқнинг ота-онасига қўнғироқ қилишган, бироқ улардан бирортаси қизчани олиб кетиш учун келмаган. Хитой қонунларига кўра, ўз фарзандидан воз кечган она 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.