Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади

Ўзбекистон 20 Июнь 2017 5757

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони эълон қилинди.

Фармонга кўра, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади ва улар фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

• зарур шарт-шароитларни яратиш ва бир жойнинг ўзида кенг кўламли давлат органлари ҳамда бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

• тадбиркорлик субъектларига муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ахборот таъминоти, давлат хизматларидан фойдаланишда (рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш, лицензиялаш ва бошқа ҳужжатлар) кўмак бериш;

• бизнес-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш;

• молиявий, товар-хомашё ва табиий ресурслар, технологик машиналар ва ускуналар, ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, ер майдонларидан фойдаланишда кўмаклашиш;

• солиққа тортилиш, ишчилар ёллаш, статистика, молия, солиқ ва бошқа ҳисоботларни топшириш, банк хизматлари, бино ва жойларни ижарага олиш, давлат мулки объектларини «ноль» қийматида харид қилишда маслаҳатлар бериш;

• халқаро стандартлар ва сертификация тизимини жорий этишда, жумладан, ташқи савдо ҳамкорлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйишда, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда ёрдам бериш;

• тадбиркорлик субъектлари учун тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича бозор инфратузилмаси субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан икки томонлама ва кўп томонлама музокараларни ташкил этиш.