ОАВ Лондондаги масжид ёнида ҳужумни содир этган террорчи шахсини маълум қилди  

Жаҳон 20 Июнь 2017 14145

Лондондаги Финсбери-парк туманида жойлашган масжид ёнидаги теракт ижрочиси 47 ёшли Даррен Осборн эканлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Sky News телеканали хабар бермоқда.

Аввалроқ Лондон полицияси босқинчи 48 ёшдалигини маълум қилганди, бироқ унинг исми айтилмаган. Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ҳам террорчи шу ёшда эканлигини айтганди. Кейинроқ Скотленд-Ярд теракт ижрочиси 47 ёшдалигини  Twitter’да маълум қилган. 

19 июнда соат 00:20 лар атрофида оқ фургон ҳайдовчиси кечки ибодатдан сўнг масжиддан уйларига қайтаётган мусулмонларга бориб урилган. Ҳайдовчи одамлар томонидан ушланиб, полицияга топширилган. Воқеа оқибатида 1 киши ҳалок бўлган, 10 киши эса жароҳат олган. Улардан иккисига воқеа жойида ёрдам кўрсатилган, қолган 8 жабрланувчи шифохонага етказилган.

Sky News’нинг маълум қилишича, дастлаб Осборн қотилликка уриниш гумони билан ҳибсга олинган. Сўнгра у аксилтеррорчилик қонунчилигини бузишда гумон қилина бошланган. Жумладан, у терактни амалга ошириш, унга тайёргарлик кўриш ва содир этишга гиж-гижлаш, жумладан қотиллик ва қотилликка уринишда айбланмоқда. 

Скотленд-Ярднинг маълум қилишича, Финсбери-паркдаги ҳужум билан боғлиқ равишда Уэльс пойтахти Кардиффдаги турар жой манзили бўйича тинтув ўтказилган.