Боровский коллежи ўқувчисининг қалбидан отилган сўзларига раддия

Жамият 20 Июнь 2017 42914

Тошкент шаҳридаги Боровский коллежи теграсида кечаётган воқеалар одамларни бефарқ қолдирмаяпти. Жумладан, Кун.uz электрон почтасига ҳам мазкур масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалирини билдираётганлар бўлмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 16 июнь куни «Наҳотки Боровский коллежи ёпилади: коллеж ўқувчисининг қалбидан отилган сўзлар» мақоласига раддия берилган бўлиб, унинг мазмуни қуйидагича:

“Ассалому алайкум. Мен мунтазам равишда сайтингизни кузатиб, ундаги хабар, янгилик ва мақолаларни ўқиб бораман. 

16 июнь куни эълон қилинган «Наҳотки Боровский коллежи ёпилади: коллеж ўқувчисининг қалбидан отилган сўзлар» сарлавҳали мақолани ўқиб таажжубга тушдим. Сизларга мурожаат қилган талабанинг сўзларидан аввалига «ҳақиқатан ҳам, адолат қани?» деган савол туғилиши табиий, лекин ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жаранглаётган сўзлар қанчалар тўғрилиги борасида бир оғиз мушоҳада қилиб, Кун.уз’га мурожаат қилган талабанинг сўзларини таҳлил қилиб кўрсак, нима дейсиз?

Авваламбор, Боровский тиббиёт коллежида берилаётган илм ва тажрибани бошқа бир тиббиёт коллежи бера олмаслиги қаердан олинган гап? Ахир барча, хоҳ у олий таълим муассасаси бўлсин, лицей ёки коллеж, борингки, мактабларимизда ҳам бериладиган таълим, керакли вазирлик ва мутасадди ташкилотларнинг махсус ходимлари томонидан тасдиқланган режа асосида олиб борилади. Шунинг учун, айтайлик, Сурхондарёдаги тиббиёт коллежидан Боровскийнинг ҳеч қандай ошиқ жойи йўқ. 

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотномасига кўра, Боровский тиббиёт коллежида белгиланган меъёрдан кўра 1,5 баробар кўпроқ талабалар ўқишини, бу эса ўз навбатида, билим олиш даражасининг тушиб кетишига сабаб бўлишини ҳам ёддан чиқармайлик. Аслида, изланаман деган инсонга қайси даргоҳда ўқишнинг умуман фарқи йўқ.

Шунингдек, хатда Боровский тиббиёт коллежида таҳсил олаётган барча талабаларни ўз билимига асосан тест синовларидан ўтгани ҳақида гапирилган. Бу борада ҳам гапирмай индамай туришнинг иложи йўқ, чунки ҳеч кимга сир эмаски Боровский тиббиёт коллежига киришнинг ўзича белгиланган ставкалари бор. Мен ҳаттоки «Боровский»нинг 10 нафардан ортиқ шундай талабасини шахсан биламанки, улар ўз билимига асосан ўқишга кирмаган. Юқорида ёзилганидек, улар ўша белгиланган ставкани тўлаб, кейин талаба бўлишган. 

Келинг, энди охирги пайтда юз берган ҳодиса коллеж ўқувчисининг унга етказилган оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганлиги юзасидан гаплашсак. Албатта, ҳар жойда ҳар хил ножўя ҳаракатлар бўлиб туриши табиий. Бироқ ҳар жойда ҳам бунинг оқибатида инсонлар вафот этмайди. 

Шу ўринда Боровский тиббиёт коллежида таҳсил олаётган барча талабаларга юзланиб айтиб ўтмоқчиман: «Ўзингизни айбсиз айбдор ҳис қилишингиз нотўғри». Наҳотки сиз кўкрагингизга уриб, кўплаб дўстлар орттирдик, дейсиз-у, лекин дўстларингизнинг орасида қандай гаплар ўтаётганидан хабарингиз бўлмаса? Ёки бирор курсдошингиз бошқа курсдагилар билан уришиб қолгудек бўлса, уларни яраштириб қўйиш тугул, ҳаттоки бу ҳақда хеч кимга айта олмагансизлар? Қандай қилиб сиз айтаётган жаҳон тан олган даргоҳнинг талабалари бу аҳволга тушиб қолган? Энди ўзингизни Ўзбекистоннинг фаол ёшлари сифатида кўрсатишингиз, китоб сотиб олишга боришингиз ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилишингиз кулгули ҳолат. Ёки бу ташрифингиздан ким қанча китоб олди-ю, қанчасини ўқиб чиқди?

Авваллари шу Сиз айтаётган жаҳон тан олган Боровский тиббиёт коллежида талабалар умуман бошқача бўлишган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, улар ҳақиқатан ҳам шу даргоҳнинг фахрли талабалари бўлишган. Ҳозирга келиб талабалар ўзаро ота-онаси унга қандай қўл телефонини сотиб олиб беришгани-ю, кийиб келган кийимининг қийматини баҳолашда «ким ўзар»га ўтиб олишган.

Боровский тиббиёт коллежининг ҳурматли талабалари! Биз бу гапларни осмондан олганимиз йўқ, бу аниқ ҳақиқат ва бу нарсалардан ўзим шахсан хабардорман. Виждонан айта оласизми, қай бирингиз Боровский тиббиёт коллежи талабаси, деган номга лойиқсиз? Бу саволга ажабланманг, чунки холислар иштирокида талабаларнинг қандай киргани у ёқда турсин, эгаллаган билимларини аттестациядан ўтказсак, ишонч билан айта оламанки, 90 фоиз талаба бу синовлардан ўта олмайди!   

Хулоса ўрнида, Сиз айтиб ўтган бир гапга жавоб қайтармоқчиман.

Сиз ўзингизни Боровский тиббиёт коллежининг халқаро миқёсидаги эришган ютуқларини санаб, ҳаммага рўкач қилишдан кўра, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тан олиб, «бундай ҳолат бошқа қайтарилмайди, бизларни кечиринглар», дейишга куч топа олинг. Зеро, саховатпеша ҳалқимизда «Эгилган бошни қилич кесмас», деган нақл бор. 

Илова ўрнида бир нарсани айтиб кетмоқчиман, юқорида ёзилган сўзлар, ўз билим ва кучига ишониб ўқишга кирган ва ҳозирда Боровский тиббиёт коллежида таҳсил олаётган айрим фахрли талабаларга тегишли эмас. Қолаверса, ҳақиқатан ҳам медицина соҳасида чин юракдан ўқишни давом эттириш ниятингиз бўлса, бу ўқишингизда сизга ва курсдошларингизга омад тилайман ва бу ўқишни бошқа тиббиёт билим юртида давом эттириб, аъло баҳоларингиз билан исботлай оласиз, деган умиддаман. 

Ҳурмат билан,  Хуршид Исроилов”.