Умра зиёратчилари квотаси оширилди

Жамият 19 Июнь 2017 16231

Ўзбекистонда 2018 йилдан кичик ҳаж сафари – умрага борувчи зиёратчилар квотаси 6 минг кишидан 10 минг кишигача оширилади. Бу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томондан қабул қилинди. 

Ҳужжатда таъкидланишича, бу қарор ислом динидаги энг муқаддас қадамжоларга боришни истовчилар учун қўшимча имкониятларни яратиш учун қаратилган. 

Ҳужжатда ҳаж ва умра сафарларини ташкиллаштиришда бир қатор янгиликлар ва имтиёзлар кўзда тутилган. Мисол учун, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясига зиёратчилар учун авиачипталар нархини арзонлаштириш бўйича чоралар кўриш топширилган. Доимий яшаш жойини ўзгартирганлар учун ҳаж ва умрага бориш учун навбат сақланиб қолади.

Дин ишлари бўйича қўмита ва мусулмонлар идорасига ҳукумат идоралари билан биргаликда жойларда ҳаж ва умрани амалга оширишни истовчилар рўйхатини шакллантиришда холислик ва ижтимоий адолат тамойилларига ҳамда ҳажни ташкиллаштириш бўйича ўрнатилган қоидаларга қатъий амал қилишни таъминлаш топширилди.

Мусулмонлар идораси сайтида 2 ой ичида ҳаж ва умра зиёратчилари онлайн-навбати ягона тизими жорий қилиниши керак.

Зиёратчиларнинг тиббий ташхисдан ўтишлари бўйича барча босқичлар Тошкент, Нукус ва Ўзбекистон вилоятлари маъмурий марказларидаги бирор жойда бепул асосда  марказлаштирилган ҳолда ташкил этилади. 

2017 йилда Ўзбекистондан Саудия Арабистонига борувчи зиёратчиларнинг сони 2016 йилга нисбатан 20 фоизга, яъни 13,2 минг кишигача оширилган. Жумладан, ҳаж учун квота 1,4 баробарга – 7200 кишигача оширилган, умрага борувчилар эса 6 минг кишилигича сақланиб қолган (5350 киши баҳорда ва 650 киши ёзда).