Турк ҳарбийларининг биринчи гуруҳи Қатарга етиб келди

Жаҳон 19 Июнь 2017 15519

Туркиялик илк ҳарбийлар Доҳага қўшма машқларда иштирок этиш учун етиб келди. Бу ҳақда душанба куни Al Jazeera телеканали Қатар мудофаа вазирлигига асосан хабар берган.

Маълумотларга кўра, якшанба куни ҳарбийлар Тарик бин Зиёд базасида илк машғулотларни ўтказган. Таъкидланишича, машқлар ҳар икки давлат мудофаа имкониятларини мустаҳкамлаш, қуролли гуруҳлар билан кураш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш ва минтақада барқарорликни ушлаб туришга йўналтирилган келишувнинг бир қисмидир. Шу билан бирга, машқларда қандай қўшинлар қатнашиши ҳамда ҳарбийларнинг аниқ сони ошкор этилмади. 

Аввалроқ Туркия парламенти Қатардаги базада турк ҳарбийларини жойлаштиришга имкон берувчи қонунни тасдиқлади. Қатарда Туркия ҳарбий базасини ташкил этиш 2014 йилдаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги келишувда назарда тутилган.