Транспорт тўловини автоматлаштирувчи дастурий комплекснинг иккинчи авлоди ишлаб чиқарилди

Технология 19 Июнь 2017 8062

“Mikroelektronika Plyus” МЧЖ шаҳар транспорт тармоғида тўловларни автоматлаштириш лойиҳасининг навбатдаги босқичи доирасида ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда миллий қурилма дастурий комплексининг иккинчи авлодини ишлаб чиқарди.

Иккинчи авлод қурилма дастурий комплексининг аввалгисига нисбатан асосий устунликлари қуйидагилардан иборат:

- ҳозирги кунда дунёда кенг тарқалаётган QR код идентификатция тизими жорий этилганлиги - эндиликда йўловчилар тўловларни амалга оширишда QR-код тасвиридан фойдаланишлари мумкин;

- тўлов ҳақидаги маълумотлар тасвирланадиган экраннинг катталаштирилгани;

- чипта (чек)ларни чоп этиш қурилмасининг  такомиллаштирилганлиги - эндиликда у чоп этилган билетни автоматик тарзда кесиб беради.

Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги авлод тўлов тизимида энг замонавий 3 хил турдаги - NFC тўлов картаси, NFC интерфейсли смартфон ва QR-код орқали тўловларни амалга ошириш имконияти яратилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қурилма дастурий комплексининг қурилма ва дастурий таъминот қисми тўлиқ маҳаллий мутахассислар, яъни “Mikroelektronika Plyus” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилди ҳамда дастурий таъминот қисми тўлиқ Ўзбекистонда ишлаб чиқилди.

Қурилмани ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси деярли 80 фоизга етказилиб, уст қисми ва микроэлектроник эҳтиёт қисмларни келтиришда хорижнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Шунингдек мазкур тизимнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилиши унга миллий стандартларга мувофиқлик ва хавфсизликни таъминлаш имконини беради.