Сурия осмонидаги АҚШ самолётлари Россия учун «нишон»га айланиши мумкин

Жаҳон 19 Июнь 2017 32599

Россия Мудофаа вазирлиги 19 июндан эътиборан АҚШ билан Сурияда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича меморандумни тўхтатади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматида хабар берилган.

Яъни, Россия Америка ҳарбийлари билан махсус линияда мулоқот қилишни тўхтатмоқчи. Энди русларнинг Суриядаги авиацияси ўз амалиёт ҳудудидаги ҳар қандай самолёт ёки ҳарбий ракетани уриб тушириши мумкин бўлади.

Бунга коалиция ҳаво кучлари Суриянинг СУ-22 ҳарбий самолётини уриб туширгани сабаб бўлди.

Яқин Шарқда ИШИДга қарши курашаётган АҚШ бошчилигидаги коалиция авиацияси 18 июнь куни Раққа яқинида ҳарбий-ҳаво кучлари самолётини уриб туширди. Расмий Дамашқ уриб туширилган Су-22 самолёти ИШИД жангариларига қарши топшириқ бажараётган бўлганини маълум қилди.

АҚШ раҳбарлигидаги коалиция Сурия қирувчисини уриб туширганини тасдиқлади.

Коалиция баёнотига кўра, Сурия армиясининг Су-22 қирувчиси «коалициянинг қуруқликдаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш мақсадида» уриб туширилган («Қуруқликдаги иттифоқчилар» - Раққадан ғарбдаги Табках шаҳри ёнида ИШИДга қарши жанг қилаётган «Сурия демократик кучлари» аскарлари).

Маълум қилинишича, Сурия самолёти 18 июнь куни маҳаллий вақт билан 18:43 (Тошкент вақти билан 20:43)да Сурия мухолифати аскарлари устига бомба ёғдиришни бошлаган, натижада АҚШ ўз иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлаш учун F/A-18E Super Hornet самолётини ҳавога кўтарган.