ОАВ: Лондондаги масжид ёнида пичоқ билан қуролланган эркак одамларга ҳужум қилди

Жаҳон 19 Июнь 2017 8198

19 июнга ўтар кечаси Лондоннинг Финсбери Парк туманидаги масжиддан қайтаётган одамлар фургон ҳайдовчиси томондан босиб кетилгандан кейин машина ичидан пичоқ билан қуролланган эркак сакраб тушиб, одамларга ҳужум қилган. Бунинг оқибатида камида бир киши жароҳат олган. Бу ҳақда гувоҳларга иқтибос келтирган ҳолда Evening Standard нашри хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, полиция томондан қора сочли оқ танли эркак ушланган. Бироқ у ҳужумни содир этган эркак эканлигига аниқлик киритилмаган. Тахмин қилинишича, машина Уэльсда ижарага олинган.

"Мен 4 ёки 5 кишининг ерда ётганини кўрдим. Улардан камида бирида пичоқдан олинган жароҳатлар бор эди", деб айтди масжидга келувчилардан бири. "Одамлар уни ушлашди. У Лондон кўпригидаги ҳужумга ўхшаш воқеани содир этмоқчи бўлган", деб қўшимча қилди гувоҳ.

Sky News телеканалининг гувоҳларга иқтибос келтирган ҳолда хабар беришича, фургонда уч киши бўлган. Улардан икки нафари қочишга муваффақ бўлган. "Машинада уч киши бўлган. Бири қўлга олинган, қолган иккиси қочиб кетган", деб айтди гувоҳлардан бири.

Охирги маълумотларга кўра, воқеа оқибатида 2 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин. 

Аввалроқ Daily Mail нашри воқеа оқибатида камида 10 киши жабрланганини маълум қилганди.