Microsoft квант компьютер ишлаб чиқаришни бошлади

Технология 19 Июнь 2017 4894

Microsoft компанияси шахсий квант компьютерини ишлаб чиқаришни бошлаганига оид режаларини расмий релиз билан тасдиқлади. Шу мақсадларда тадқиқотчилардан иборат махсус гуруҳлар -  Microsoft AI ва Research Group тузилмоқда. Ҳозирда тузилган гуруҳлар  ишлаб чиқарувчилари лойиҳанинг қурилмавий ва дастурий қисми устидаги ишларга киришишди. 24Gadjet шу ҳақидаги маълумоти билан бўлишди. 

Квант компьютерларини қўллаш ҳисоблаш дастурларининг тезкорлигини минглаб маротаба ошириш имконини беради. Квант компьютерлари тамойили бир вақтнинг ўзида ҳам 0, ҳам 1 бўлишга қодир квант битларни қўллашга асосланган. Замонавий анъанавий компьютерларда битлар фақат бир ҳолатда бўлиши мумкин. Microsoft вакиллари квант компьютерлари қўлланиладиган янги технологиялар самарали шифрлаш, ишончли ҳимоя қилинган алоқа линияларининг яратилиши ҳамда криптографиянинг ривожланишини таъминлашга сезиларли таъсир кўрсатишига умид қилишмоқда.

Microsoft'да квант компьютерлари устидаги ишларни Тодд Холмдал бошқаради. У Kinect назоратчиси, HoloLens аралаш реаллик кўзойнаклари ва Xbox лойиҳаларига бошчилик қилган. Холмдал лойиҳанинг амалга ошиш муддати борасида ҳазиллашиб "масала нафақага чиққунига қадар ҳал қилиниши"ни айтди (у ҳозир 52 ёшда).