ФИДЕ президенти ўзбекистонлик 7 ёшли шахматчи қиз билан дуранг ўйнади (фото)

Спорт 19 Июнь 2017 26442

ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов 16 июнь куни Тошкентга ташриф билан келди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Кирсан Илюмжинов Тошкентга шахмат бўйича Марказий Осиё давлатлари Ҳудудий чемпионатининг очилиши куни келди. ФИДЕ президенти шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар мактабига борди ҳамда у ерда мактаб ўқувчилари ўртасида Жаҳон чемпионатининг кумуш медали соҳибаси 7 ёшли Одина Олимова билан дўстона партия ўтказди. Партия дуранг билан якунланди.

Шунингдек, ФИДЕ раҳбари Туркманистон шахмат федерацияси президенти, халқаро гроссмейстер Оразли Аннагелдиев, Ўзбекистон шахмат федерацияси биринчи вице-президенти Ҳусан Турдиалиев ва вице-президент Баҳодир Умурзоқов билан шахмат Академияси тарбияланувчиларига катта шахматларда дуранг таклиф қилди.

Кирсан Илюмжинов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат спорт қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Искандар Жўраев томонидан рамзий юришлар қилиниб, шахмат бўйича Ҳудудий чемпионат очиб берилди.

Тадбир давомида ФИДЕ президенти эсдалик медали билан тақдирланди, кейин эса ФИДЕ раҳбари қатор муҳим учрашувлар ўтказди.