Балида 4 хорижлик маҳбус 15 метрлик туннел орқали турмадан қочди

Жаҳон 19 Июнь 2017 5833

Индонезия полицияси Бали оролидаги Керобокан турмасидан 15 метрлик туннел орқали қочган 4 нафар хорижлик маҳбусни қидиришни бошлади. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда

"Тахмин қилишимизча, 15 метрлик туннелни қазиш учун бир ҳафтадан кўпроқ вақт кетган", деб айтди турма директори. Маълум қилинишича, туннел эни 50-75 см бўлган ва у турма девори остидан ўтиб, турма яқинидаги йўлда тугаган.

Полициянинг тахминича, қочоқлар ҳали ҳам оролда, турма яқинида қолмоқдалар.

Нашрнинг ёзишича, турмадан 33 ёшли австралиялик, 43 ёшли болгариялик, 50 ёшли малайзиялик ва 31 ёшли ҳиндистонлик қочишга муваффақ бўлган. Таъкидланишича, австралиялик  бошқа одамнинг паспортидан фойдалангани учун иммиграция қонунчилигини бузиш айблови билан жазо ўтаётган бўлган. Унинг озодликка чиқишига бор-йўғи 2 ой қолганди.