Атамбоев Россияга келмоқда. Ташрифдан асл мақсад нима?

Жаҳон 19 Июнь 2017 22787

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев давлат раҳбари лавозимидаги муддати якунига етаётган бир пайтда, душанба куни Россияга давлат ташрифи билан боради. У ерда олий даражадаги учрашувлар ва музокаралар ташкил этилади.

Хабар қилинишича, ташриф икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган бўлиб, Россия етакчиси Владимир Путиннинг таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Атамбоев Россия президенти Владимир Путин ва ҳукумат раиси Дмитрий Медведев билан учрашади.

Қирғизистон президенти 2017 йилнинг 1 декабрь кунига қадар ўз лавозимини тарк этиши керак. Мамлакат конституциясига кўра, давлат раҳбари битта олти йиллик муддатга сайланади. Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловларлари жорий йилнинг 15 октябрига режалаштирилган. Экспертларнинг тахминича, Москвада Қирғизистон раҳбари мамлакатдаги сиёсат вазиятни муҳокама қилиши эҳтимолга жуда яқин.

"Атамбоев келаётган кузда президентлик лавозимини тарк этиши эътиборга олинса, Путин билан музокараларда Россия ва Қирғизистоннинг сўнгги йиллардаги ўзаро алоқалари босқичлари аниқлаштирилади", - дея маълум қилди сиёсатшунос Игорь Шестаков РИА Новости’га.

Унинг фикрича. Қирғизистондаги президентлик сайловлари Москвани республика ва Марказий Осиё минтақасида барқарорликни сақлаб қолиниши юзасидан ҳам қизиқтиради. 

"Россия ва Қирғизистонда бугун битта асосий душман бор – бу терроризм ва экстремизм, шунинг учун ушбу йўналишда давлатлараро ўзаро ҳаракатлар кучайишини кутиш мумкин. Қирғизистон ҳарбий-техник ўзаро алоқаларда Россиянинг иттифоқчисидир. Сўнгги йилларда Россия Қирғизистонга бир миллиард доллардан ортиқ суммадаги беғараз ҳарбий-техник ёрдамни тақдим этди", - дея эслатди эксперт.

Атамбоев ўтиш давридаги президент Роза Отунбоева вақтида бош вазир бўлган ҳамда ўшанда ўзининг илк хорижий сафарини айнан Москвага амалга оширганди. Бу 2010 йилнинг декабрида, собиқ президент Қурмонбек Бакиев ҳокимиятдан четлатилганидан саккиз ой ўтиб рўй берган.

Экспертнинг таъкидлашича, Атамбоев президентлиги вақтида Россия-Қирғизистон ўзаро алоқалари деярли барча соҳаларда реал ва аниқ даражага чиқди. Россия Қирғизистонга сўнгги беш йилда умумий ҳисобда 3,5 миллиард долларлик ёрдам берди – бу сармоялар, бюджетни тўғридан-тўғри молиялаштириш ва бошқа кўмак турлари. РФ давлатга Евроосиё иқтисодий иттифоқи талабларига мослашишда ҳам фаол ёрдам бермоқда. РФ қўшма ривожланиш фондига 500 миллион доллар ўтказиб берди.

Шестаковнинг таъкидлашича, Қирғизистоннинг бошқа давлатлар билан умумий савдо ҳажмида айнан Россия муҳим позицияларда туради. “Ўтган йили икки томонлама товар айирбошлаш кўрсаткичлари 1,5 миллиард доллардан ошиб кетди. Қирғизистонда 200 дан ортиқ рус корхоналари фаолият кўрсатмоқда, улар орасида "Газпром" каби йирик компаниялар бор. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Россия томони газ ва нефть маҳсулотларини божсиз асосда етказиб бермоқда. Бу миллий иқтисодиётнинг ривожига қўшимча туртки беради".

Қирғизистон томонининг маълум қилишича, Россияга давлат ташрифи давомида ушбу мамлакатда Қирғизистон маданияти кунлари ҳам очилади. Унинг доирасида халқ амалий санъати намуналари, қирғиз фильмлари намойиши ўтказилади.

Москвада Қирғизистон ва Россия ўртасида иттифоқчилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация имзоланади. У икки давлатнинг ҳамкорликка тегишли кўплаб долзабр масалалар бўйича позициясини билдирувчи “муҳим сиёсий ҳужжатга” айланади. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, миграция, статистика ва молия соҳасида ҳам келишувлар кутилмоқда.

Атамбоев ташриф давомида Бошқирдистон ва Татаристонга ҳам бориб, ушбу республикалар раҳбарлари билан учрашади. Минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш муҳокама этилади.