Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида “тутқунликда” яшаётганига 5 йил тўлди

Жаҳон 19 Июнь 2017 4759

Душанба куни Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж Эквадорнинг Лондондаги элчихонасида, экстрадиция ва ҳибсга олишларидан қочиб, сиёсий бошпана топганига беш йил тўлди. 

2010 йилнинг ёзида Швецияда Ассанжга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди. Икки аёл уни Стокҳольм шаҳрида жинсий тажовузкорликни амалга оширганликда айблади. Кейинчалик мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ҳисбга олиш учун ордер берди.

2012 йилда Wikileaks асосчиси Эквадор ҳукуматига сиёсий бошпана тақдим этилишини сўраб мурожаат қилди. У Швеция ҳукумати Wikileaks туфайли ўзини АҚШга экстрадиция қилишидан хавотирда бўлган. Эквадорнинг Лондондаги элчихонаси 19 июнь куни унга номаълум муддатга ўз биносида бошпана тақдим этди.

Жорий йилнинг 19 май куни Швеция прокуратураси Ассанж иши бўйича терговни тўхтатди. Бироқ Лондон полицияси, агарда у элчихона биносини тарк этадиган бўлса, ҳибсга олинишини маълум қилди. Бунга сабаб – можароли сайт асосчиси 2012 йилнинг 29 июнь куни судга боришдан бош тортгани туфайли Вестминстер суди томонидан тақдим этилган ордернинг ҳамон кучда эканидадир.

Ассанж элчихонада ўтказган беш йил давомида бирон маротаба ҳам кўчага чиқмади, бироқ бино болохонасидан бир неча марта чиқиш қилди. У бу муддат давомида ишлашдан тўхтамади, ташкилотнинг янги материалларини эълон қилиб борди ҳамда ўз тарафдорлари билан мулоқот ўтказди.

Ассанж Wikileaks иши бўйича турли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларга бинодан чиқмай туриб гувоҳлик бермоқда.

Сиёсий қочқин ҳимоячилари ҳамда тарафдорлари унинг соғлигидан ташвишда, сабаби тоза ҳаво, сайр ва қуёш нурининг етишмовчилиги бор.

WikiLeaks’нинг аниқлашича, Ассанжни кузатиш Буюк Британия бюджетига қарийб 19 млн. фунт стерлингга тушган.