Ўзбекистон тижорат банкларидаги давлат улуши ярим миллиард долларга оширилади

Иқтисодиёт 18 Июнь 2017 8618

Ўзбекистоннинг тижорат банклари устав капиталларида давлат улуши 2017 йилда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобига 500 млн долларга экивалент суммага оширилади. 

Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 16 июндаги қарорида кўзда тутилган. Бу қарор "тижорат банклари капиталлашуви даражасини қўллаб-қувватлаш, банк тизими молиявий барқарорлигини ошириш ва уларнинг инвестицион лойиҳалар ҳамда тадбиркорликни молиялаштиришда иштирок этишини кенгайтиришга" қаратилган.  

Қарорда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт банки улушини шакллантириш ва оширишга йўналтирилаётган маблағлар Ўзбекистон ҳудудларини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг манзилли дастурларини молиялаш ёки биргаликда молиялаш ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўлланиши кераклиги белгиланган.

Марказий банкка ликвидликнинг ўткир дефицити юзага келиши ҳолларида тижорат банкларига уч ойгача таъминлашсиз кредитлар тақдим қилиш кўзда тутилган механизмни жорий қилиш вазифаси юкланган. Бу кредитлар тўловларни узилишсиз таъминлаш мақсадида банкларнинг ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учунгина ажратилиши лозим.