Роналду «Реал»дан кетиши учун 5та сабаб

Спорт 18 Июнь 2017 59750

Криштиану Роналду барчани ҳайрон қолдирган ҳолда шу ёзда «Реал Мадрид»ни тарк этишга қарор қилди. 

Аввалига, 16 июнь куни Португалиядаги A Bola нашри шу ҳақда хабар тарқатди, кўп ўтмай Испаниядаги Marca, Sky ва ESPN нашрлари бу хабарни тасдиқлашди. Футболчи жамоа хўжайинлари Флорентино Перес ҳамда Хосе Анхель Санчесга бу нияти ҳақида маълум қилди. Унинг жамоадан кетиши ҳозирча ҳал этилмайди, у терма жамоаси билан Конфедерациялар кубогида иштирок этиб қайтиши кутилади.

Клуб раҳбарияти аввалига футболчини фикридан қайтаришга уринди, аммо Роналду Испаниядан кетиш фикрида қатъий турмоқда ва «қаймоқранглилар» жамоаси раҳбарияти ҳам уни мажбурлаб ушлаб турмоқчи эмас.

Футболчи ғазаб ичида бу оддий бўлмаган қарорга келган, уни бунга мажбур қилган қандай сабаблар бор?

Солиқлар бўйича фирибгарликдаги айбловлардан таҳқирланиш

Роналду 2011 йилдан 2014 йилгача бўлган муддат давомида давлатга 14,7 миллион еврони тўламасликда айбланмоқда, аммо у барча ишини Испаниядаги қонунлар доирасида амалга оширганини таъкидламоқда.

Футболчи томонидан 2010 йилда тузилган Gestifute компанияси унинг бизнес тузилмасини юритади. Айнан шу компания орқали унинг имиж ҳуқуқидан олинган маблағлар яширилгани айтилмоқда. Футболчининг юристлари эса солиқ декларацияларида даромадлар яширилмаганини билдиришмоқда: «Кўринишидан, Испанияда баъзи критериялар тўғри деб ҳисобланмайди. Аммо Роналду битта ҳам қонунни бузмаган. Бу Месси ёки солиқ тўламасликда айблови мавжуд бошқа ишлар каби эмас. Бу футболчилар ҳеч қандай декларация қилишмаган, Роналду эса ўзига қарши бирданига текширув бошланишидан олдин барча зарур ишларни амалга ошириб қўйганди».

Испания прокуратурасидагиларнинг фикрича, Криштианунинг бизнес тузилмаси даромадларни яшириш учун тузилган, футболчи вакилларининг фикрича эса – солиқларни оптимизация қилиш учун. 2014 йилгача Испаниядаги спортчилар ўз даромадларининг 24,7 фоизини солиқ сифатида тўлашарди, кейин бу қоида бекор бўлиб, тўланадиган солиқ миқдори даромаднинг 43 фоизигача кўтарилди.

Football Leaks хакерлари ошкор этган ҳужжатларга ишонилса, агент Жорже Мендеш Роналду учун даромадларининг кўпроқ қисмини ўзида олиб қолувчи схема ишлаб чиққан: кўплаб реклама шартномалари солиқ ставкаси 12,5 фоиз бўлган Ирландиядаги воситачилар орқали тузилган ва маблағлар Виржиния оролларидаги офшорларга ўтказилган. Иддао этилишича, бу орқали Криштиану камида 75 миллион еврони иқтисод қилган.

Бу ҳолатда футболчи ўзини таҳқирланган сезмоқда ва Ла Лигада бошқа ўйнамоқчи эмас. Криштиану ўзини оқлаб олишига ишонсада, кутмоқчи эмас ва фаолиятида кардинал ўзгариш ясамоқчи.

Матбуотнинг доимий босими

Криштианунинг ҳисоблашича, испан матбуоти уни доимий равишда кўп гуноҳларда асоссиз равишда айблаб келади. У ўзини матбуот томонидан таҳқирлаш нишони сифатида айлангандек сезади. Ундан бу ҳақда сўрашганда, у ўз норозилигини ҳеч қачон яширмаган. Қолаверса, мавсум давомидаги бир қатор ўйинларда мухлислар унга ҳуштакбозлик қилишди.

«Улар менга қонунбузарга қарагандек қарашади, ҳолбуки улар мени умуман билишмайди», – деган бу ҳақда португалиялик футболчи.

«Реал» раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватловнинг мавжуд эмаслиги

Мадрид клуби раҳбариятининг барча вакиллари футболчининг бутунлай беайблигига ишонишини билдирган бўлсада, Роналду раҳбарият ўзига етарли даражада қайғурмади, деб ҳисоблади.

Қайд этиш керакки, футболчи солиқлар туфайли 5 йиллик қамоқ таҳдиди остида қолганида, «Реал» Испаниядаги нашрлардан Роналду ҳақидаги салбий хабарларни клуб либосидаги суратлари орқали эмас, терма жамоаси либосидаги суратлари орқали эълон қилишни сўраганди.

Бошқа клубда ўйнаш истаги

Криштиану Испания футболига қайтмасликка қатъий қарор қилди, у «бланкос» таркибида фаолиятининг энг ёрқин даврларини ўтказган, кўплаб шахсий мукофотлар ва жамоавий совринларга эришган бўлсада, Мадридда оиласи ва севган қизи билан бахтли ҳаёт кечираётган бўлсада, у Испаниядан кетади. Португалиялик футболчи ҳамиша «Манчестер Юнайтед»га қайтиш ҳақида ўйлаб келарди, энди бу рўй бериши мумкин.

У 32 ёшда бўлишига қарамасдан, (бундай ёшдаги футболчилар қиммат туришмайди) Роналду учун кўп пул тўлашга тўғри келади. 

Transfermarkt портали Криштиануни 100 млн еврога баҳолаган. Одатда ҳақиқий нархлар Transfermarkt маълумотларига яқин бўлади.

CIES Football Observatory Роналдуни 112,4 млн еврога (бу унинг тенгдошлари Суарес ва Игуаинникидан арзон) баҳолайди.

El Confidencial бироз олдинроқ «МЮ» футболчини қайтариш учун 200 млн евродан воз кечишга тайёрлиги ҳақида маълум қилганди.

AS нашри эса Хитойнинг қайсидир клуби 200 млн еврони «Реал»га, яна 120 млн еврони футболчининг ўзига маош сифатида тўлашга тайёрлигини маълум қилди.

La Gazzetta dello Sport Роналдунинг трансфери унга бериладиган маош билан биргаликда 400 миллион еврони ташкил этишини ҳисоблаб чиқди.

Ҳақиқатга яқинроқ рақам, 180 млн евро A Bola хабарида ёзилган: шунча маблағни «МЮ», «ПСЖ» ва «Монако» каби жамоалар тўлаши мумкин.

Криштиану билан шу йилда 2021 йилгача узайтирилган шартномада унинг бадал пули сифатида 1 млрд евро белгиланган. Албатта бунча пулни ҳеч ким тўламайди, ҳатто хитойликлар ҳам. Жамоа ҳам бунча пул ундиришни хаёлига келтирмайди.

Ўзига нисбатан адолатсиз муносабат

Футболчининг ғазабини келтирган ягона сабаб «Реал Мадрид» эмас, Испаниядаги ҳуқуқ тизими: Роналду ҳисоблайдики, шу можаро туфайли, унинг дунё миқёсидаги нуфузига путур етади ва бу бориб турган адолатсизлик.

У Португалия терма жамоасидаги жамоадошларига Испания пойтахтидан бутунлай кетишга қарор қилгани ҳақида айтган.

«Мен «Реал»дан кетаман. Қарор қабул қилиб бўлинган. Ортга йўл йўқ».