Роналду Фергюсон билан келажаги борасида гаплашган

Спорт 18 Июнь 2017 13223

Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду солиқ билан боғлиқ муаммолардан аввалроқ клубни тарк этиш ҳақида қарор қабул қилиб бўлганди. Бу ҳақда Британиядаги нашрлар хабар ёзмоқда.

Mirror нашри маълумот беришича, Фергюсон ва Роналду футболчи «Манчестер Юнайтед»ни тарк этганидан кейин ҳам дўстона муносабатларни сақлаб қолишган, Роналду икки ой муқаддам собиқ мураббийи Фергюсон билан учрашганида унга Мадриддан кетмоқчилиги ҳақида айтган. Бунга у «Реал» мухлислари томонидан доимий ҳуштакбозликларга дуч келаётгани сабаб бўлган, у энди Испания пойтахтида ўзини кўнгилдагидек ҳис қилмай қўйган.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалги хабарларда португалиялик 32 ёшли футболчи Испания прокуратураси ўзини безовта қилаётгани туфайли жамоадан кетишга қарор қилгани айтилганди. Прокуратура Роналду 2011-2014 йиллар давомида жами 14,7 миллион евро миқдоридаги маблағни солиқ сифатида тўламаганини билдирмоқда. Футболчининг ўзи эса қонунни бузмаганини таъкидламоқда.