«Реал» Роналду ўрнига номзодлар топиб қўйган

Спорт 18 Июнь 2017 29592

«Реал» Криштиану Роналду билан хайрлашса, унинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодларни кўриб чиқмоқда.

101greatgoals.com портали хабарига кўра, Мадрид клуби учун биринчи навбатдаги нишон - «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппе, унинг трансфери учун испанлар 135 миллион евро таклиф қилиши мумкин.

Иккинчи рақамли номзод эса Пауло Дибала, у икки ой муқаддам «Ювентус» билан шартномасини 2022 йилгача узайтирганди.

Агар икки вариант ҳам амалга ошмаса, «Реал»«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскийга юзланади.

Бундан аввалроқ Мадрид жамоаси 32 ёшли португалиялик ҳужумчисини камида 400 миллион еврога сотмоқчи экани ҳақида хабар тарқалганди.

Роналдуга айни вақтда асосий даъвогар «Манчестер Юнайтед» бўлиб турибди. Бу жамоа Роналду ва Мората учун дарвозабони Давид де Хеага қўшиб, 210 миллион евро бермоқчи.

«ПСЖ» эса футболчи учун клубга 140 миллион евро тўлаб, унинг ўзига 30 миллион евролик йиллик маош тайинлашга тайёр.

Шунингдек, «Манчестер Сити», «Монако» ва Хитойдаги клублардан таклифлар бор.