Меҳмонхонага ўхшаш 12 қамоқхона (фотожамланма)

Lifestyle 18 Июнь 2017 65325

"Қамоқ" деганда кўпчиликнинг кўз ўнгига тор камералар, тату туширилган маҳбуслар ва қаҳри қаттиқ назоратчилар келади. Бироқ баъзи мамлакатларда жазони ўташ жойлари меҳмонхоналарга ўхшаб кетади (4-5 юлдузли эмас, албатта). Улар ҳатто энг ашаддий жиноятчиларнинг ҳам "тузалиши"га мўлжалланган. Бундай жойлардаги шароитлар шартли равишда ҳашаматли кўриниши мумкин. Масалан, Норвегия қамоқхоналарида замонавий жиҳозланган спорт заллари, Уэльсда эса ҳатто бильярд столлари ҳам бор. Business Insider бутун дунёдан жазони ўташ ҳар хил бўлишидан далолат берувчи суратларни жамлади. 

Финляндиядаги Суоменлинна қамоқхонасида тиканли симлар йўқ - фақат пастгина дарвоза бор, холос, шу боис уни кўпинча "очиқ қамоқ" деб аташади. 

Норвегияда Хальден қамоқхонасида маҳбусларга овқат тайёрлаш, видеоўйинлар ўйнаш ва баскетбол билан шуғулланишга рухсат берилади. Юмшоқ матраслар тўшалган камералар эса, жазони ўташ жойидан кўра кўпроқ университет ётоқхонасига ўхшайди. Норвегияликлар маҳбуслар билан инсонларча муомала қилинса, улар ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши мумкинлиги ғоясини илгари суришади. 

Янги Зеландиядаги Отаго тузатиш маркази маҳбусларининг хоналари қамоқдан кўра кўпроқ ўсмирлар ётоқхонасига ўхшаб кетади. Бу ерда тиббий муолажа хоналари ва кутубхона бор - маҳбуслар ўзларини жамиятдан узилгандек ҳис қилмасликлари учун шароитлар яратилган.

Сан-Педро қамоқхонаси - тахминан 20 йил аввал пайдо бўлган ажойиб маскан. У Боливиянинг Ла-Пас шаҳрининг марказида бир даҳани банд қилган. Аслида Сан-Педро - бу баланд деворлар билан ўралган ўз-ўзини бошқарувчи маҳбуслар коммунаси. Даҳанинг ичида қўриқчилар йўқ, улар фақат чегараларнигина қўриқлашади. Сан-Педрода жами 3 минг маҳбус оиласи билан яшайди. Коммуна ҳудудида очиқчасига гиёҳванд моддалари билан савдо қилинади. Шундай экан, бу қамоқхона кўпроқ ночор оилалар яшайдиган ҳудудга ўхшайди. 

Австрия Адолат маркази аксарият қамоқхоналардан фарқ қилади - биринчи навбатда меъморчилик нуқтаи назаридан. Лойиҳа муаллифи Жозеф Хоушенн иншоотни жуда ёруғ қилиб яратган. Кираверишда икки хил ёзув бор - бири маҳбусларнинг инсоний муносабатга доир ҳуқуқлари ва шахсий қадр-қимматини ҳурмат қилиш ҳақида. 

Испаниянинг Аранхуэс қамоқхонаси маҳбусларнинг фарзандлари ҳам улар билан қолишига имкон беради. Бу ерда болалар боғчаси ва болалар майдончаси ҳам бор, деворларда эса Дисней мультфильмлари қаҳрамонлари тасвири туширилган - болалар яқинларининг қамоқда эканини англамасликлари учун барча шароитлар яратилган.

Индонезиядаги Пондок Бамбу аёллар қамоқхонасида люкс номерда яшаб жазо муддатини ўташ мумкин. Бундай хизмат тури бепул эмас, албатта. Шундай бўлса-да, баъзи маҳбуслар пора эвазига у ерга жойлашишнинг уддасидан чиқишади. 

Агар оғир қулф осилган эшиклар бўлмаганида Ҳазрати Олияларининг Уэльсдаги қамоқхонаси давлат мактабига ўхшар эди. Бу ерда ўқиш ва ўрганиш учун кўплаб имкониятлар яратилган, иссиқ душли спорт зали, стол тенниси ва бильярд столи мавжуд. 

Швециянинг Соллентун қамоқхонасида маҳбусларга таом тайёрлаш, шунингдек телевизор кўриш ёки спорт залда вақт ўтказиш имкони берилади. Бу ерда ҳам Финляндия ва Норвегиядаги каби маҳбусларнинг тузалишига скандинавияча ёндашувни маъқул кўришади. 

Сўнгги йилларда Швейцариянинг Чамп-Долон қамоқхонаси маҳбусларга тўлиб кетди, шу боис ҳукумат унга 40 миллион долларга янги қанот барпо қилишди, мавжуд камералар эса модернизация қилиниб, янада қулай қилиб кенгайтирилган. 

Норвегиянинг Баста қамоқхонасида маҳбуслар алоҳида оролда жазо ўташади, бу ерда теннис ўйнаб, балиқ тутиб, чанғи учиб ва отда сайр қилиб, вақт ўтказиш мумкин. 

Япония аҳолиси қаришда давом этмоқда. Шу боис қариялар учун қамоқхоналар янада кенг кўриниш олмоқда. Ономичида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар жазо муддатини ўтайди. Бу ерда махсус тўсиқлар бўлиб, парҳез таомлар тақдим этилади, маҳбуслар эса тўқиш ва тикиш билан вақт ўтказишади.