Леонардо Ди Каприо "Оскар"дан воз кечди

Маданият 18 Июнь 2017 31905

Леонардо Ди Каприо АҚШ Адлия вазирлигига ўзига тегишли "Оскар"ни топширди. Бу ҳақида бир қатор ОАВ хабар беришди. 

Актёр вакилларининг маълум қилишича, бу киноюлдузнинг шахсий ташаббуси. Аслида эса актёр ҳайкалчанинг мусодара қилинишига доир суд ҳукмини доғда қолдиришга қарор қилган кўринади.  

Бу ҳайкалча унга "Уолл-стритлик бўри" лойиҳаси кетидан келганди. "Оскар" қачонлардир Марлон Брандога тегишли бўлган ва жуда қадрли коллекцион экспонат ҳисобланган. Хўш, Ди Каприо нима учун мукофотдан воз кечди? Гап шундаки, унга бу мукофотни тақдим этган "Red Granite Pictures" компанияси ҳозирда коррупция ва пул ўмаришда айбланиб, тергов назоратига олинган.

Маълум бўлишича, Лео жиноятчи компания билан фақат бу совға орқали боғланмаган. "Red Granite Pictures" компанияси "Уолл-стритлик бўри"ни молиялаштирган: актёр у ерда нафақат бош рольдаги актёр, балки продюсер ҳам бўлган ва табиийки, бу пулларнинг қаердан келишини яхши билган.

Компаниянинг ўзи эса молиявий ресурсларни малайзиялик коррупционер амалдорлардан олган. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу компания томонидан молиялаштирилган фильмларнинг барча даромадларини мусодара қилмоқчи. 

Бошқалар қаторида Лео ҳам зиён кўради - у фильм продюсери сифатида қўлга киритган пулларидан маҳрум бўлади. Бу воқеа атрофидаги хабарлар Леонинг Ҳолливуддаги карьерасини йўққа чиқариши, шунингдек унинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўлида топаётган обрўсига путур етказиши мумкин. Зеро унинг "компаньонлари" ўз мамлакатидаги ўрмон дарахтларини ноқонуний кесиш билан шуғулланган.