Пойтахт мактабларида 11 йиллик таълимга қайтиш юзасидан махсус сўровнома ўтказилади

Ўзбекистон 18 Июнь 2017 23770

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси асосида 17 июнь куни Ўзбекистон банклар ассоциацияси биносида мамлакат бош вазири Абдулла Арипов Халқ таълими вазири У.Иноятов, Олий ва ўрта махсус таълими вазири Р.Қосимов, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими Маркази директори М.Холмухамедов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усманов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда 18 июнь куни Тошкент шаҳри мактабларида 10-11-синфлар очилиши юзасидан ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилиши маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, коллеж ва академик лицейлар ҳам сақлаб қолинади. 9-синфни тугатаётган битирувчи келгусидаги таълим йўналишини ихтиёрий танлаши мумкин бўлади. Айрим коллежларда ошпаз, чевар, сартарош, ҳайдовчи, ғишт терувчи, бўёқчи ва шу каби қисқа муддатли касбларга қабул бўлмайди. 

Ушбу йиғилишни ўтказишига ва мазкур ғоянинг илгари сурилишига Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабини бориб кўриши ва ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш зарурлигини таъкидлаши туртки бўлди.

«Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур», — деган эди Президент мазкур ташриф давомида.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 16 июнь куни пойтахтнинг Учтепа туманига ташриф буюрган эди.