Президентнинг мажбурий ижро бюросини ривожлантириш тўғрисидаги қарори эълон қилинди

Ўзбекистон 17 Июнь 2017 38215

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг «Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори 15 июнь куни имзоланди ва бугун матбуотда эълон қилинди.

Қарор матнига кўра, Президентнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5059-сон Фармонига мувофиқ:

• Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг тузилмаси;

• Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом ва унинг Кузатув кенгаши таркиби;

• Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом;
• Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси Дирекцияси ходимларининг ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига Жамғарма тузилмасига ўзгартиш киритиш, шу жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан қўшимча штатлар жорий этиш ҳуқуқи берилмоқда.

Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси (давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

Жамғармани бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари бошқарадиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Кузатув кенгаши таркибига лавозимига кўра Олий суд раиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, молия ва адлия вазирлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори, Жамғарманинг ижро этувчи директори, шунингдек, бошқа масъул шахслар ҳам киради.

Жамғарманинг жорий фаолиятига, шу жумладан, маблағлар тўпланиши ва сарфланишига раҳбарлик Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ҳамда лавозимдан озод қилинадиган ижро этувчи директор бошқарадиган Жамғарма Дирекцияси томонидан амалга оширилади.

Қарорга кўра, Бюро ходимларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган устама ва қўшимча тўловлардан ташқари, ҳар чорак якуни бўйича меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги учун Бюро директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган Бюро ходимлари фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизимига мувофиқ белгиланадиган, қуйидаги миқдорлардаги рағбатлантирувчи тўловлар берилади:

70 баллдан 80 баллгача тўплаган ходимларга — лавозим маошига 50 фоиз;

80 баллдан 90 баллгача тўплаган ходимларга — лавозим маошига 100 фоиз;

90 баллдан 100 баллгача тўплаган ходимларга — лавозим маошига 200 фоиз.