Янги Kia Rio’нинг илк расмий суратлари пайдо бўлди

Технология 17 Июнь 2017 11856

Kia компанияси Россия бозорига мўлжалланган янги авлоддаги Rio седанининг илк расмий суратларини чоп этди. Модель жорий йилнинг 3-чорагидан бошлаб сотувга чиқади.

Компания янги "Рио" ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Аввалроқ интернетда седан дизайни ва унинг интерьери ошкор қилинган суратлар пайдо бўлганди. Умуман олганда, модель Хитой учун чиқарилган Kia K2 моделига ўхшайди, бироқ Россия бозори учун моделнинг олд бампери ва радиатор панжараси ўзгартирилган.

Янги "Рио" "Солярис" каби куч қурилмалари олади. Седан 100 ва 123 от кучига эга 1,4 ва 1,6 литрли моторлар билан чиқарилади. Бу моторлар 6 поғонали "механик" ва "автоматик" узатмалар қутиси билан биргаликда ишлайди.

Жорий Kia Rio 2011 йилда Санкт-Петербургдаги заводда ишлаб чиқарила бошланган. Ўша вақтдан бери ушбу моделдан ярим миллиондан кўпроқ сотилган. 2016 йил иккинчи ярмидан седан Россияда энг кўп сотилувчи автомобиль ҳисобланади.