Ўзбекистон 2022 йилга келиб енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 2,7 баробарга оширади

Технология 16 Июнь 2017 11741

Ўзбекистон 2022 йилгача енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 2016 йил билан таққослаганда 2,7 баробарга оширишни режалаштирмоқда – 240 мингга қадар.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни “Автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорни имзолади. 

Қарорга кўра, Ўзбекистон енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 2016 йилдаги 88,2 мингдан 2021 йилга келиб 240 мингга қадар оширишни режалаштирмоқда. Кутилишича, 2017 йилда 122 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2017-2021 йилларда автобуслар ва юк машиналари ишлаб чиқаришни 1,6 баробарга оширмоқчи. 2021 йилда ишлаб чиқарилувчи автобуслар ва юк машиналари ҳажми 6,9 мингтани ташкил этади.

Ўзбекистон 2019 йилдан бошлаб енгил тижорий автомобиллар ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштиради. 2019 йилда мамлакатда 3 мингта енгил тижорий автомобиллар ишлаб чиқарилади. 2021 йилда эса бу рақам 6,2 мингтани ташкил этади.

Шу билан бирга, соҳадаги ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 4,22 трлн. сўмдан 2021 йилга келиб 12,84 трлн. сўмга қадар ошади.