«Ўзавтосаноат» 5 йил ичида 834,5 млн долларлик лойиҳаларни амалга оширади

Технология 16 Июнь 2017 5733

«Ўзавтосаноат» АЖ 2017-2021 йилларда умумий суммаси 834,9 млн. доллар бўлган 51 лойиҳани амалга оширади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни “Автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш ва бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарорни имзолади. 

Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини 2017-2021 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастур соҳада амалга ошириладиган сармоявий лойиҳалар рўйхатини ўз ичига олади.

Хусусан, ҳисобот даврида янги моделлардаги автомобиль воситалари ва техникасини ўзлаштириш бўйича еттита лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳаларнинг умумий қиймати 433,7 млн. долларни ташкил этади.

Умумий суммаси 157,1 млн. доллар бўлган тўққизта лойиҳа «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарини модернизация қилиш ва қайта жиҳозлашга йўналтирилади.

Шунингдек, автомобиль бутловчи қисмлари ва асосий материаллари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича 35 та лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳалар қиймати 244,1 млн. долларга тенг.

Лойиҳалар соҳа корхоналарининг 172,1 млн. долларлик ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари – 138,9 млн. доллар, манзилли манбалар маблағлари – 381,8 млн. доллар ва хорижий сармоялар ҳамда кредитлар ҳисобидан амалга оширилади – 142,1 млн. доллар.