Олимлар ажримлар кўпроқ қайси ойларга тўғри келишига доир тадқиқот ўтказишди

Жамият 23 Август 2016 10295

Вашингтон университети тадқиқотчилари Америка оилаларида ажримлар кўпроқ қайси ойларга тўғри келишини аниқлашди. Бу ҳақида Eurekalert маълум қилди. 

2001-2015 йилларда Вашингтон штатида расмийлаштирилган ажралишга доир ҳужжатларни ўрганиб чиққан тадқиқотчилар ажримларнинг аксарият қисми март ва август ойларига тўғри келишини аниқлашди. 

Олимлар бундай статистикани қишки ва ёзги таътиллар билан боғлашмоқда.

 “Кўпчилик инсонлар таътилдан нимадир кутишади, жуфтликлар бошқа бир ҳаётий босқичга ўтиш имконига эга бўлишади. Қайсидир маънода бу оптимизм даври”, - дея изоҳлайди Жули Брайнс.

Олимларнинг фикрича, таътилларини кўнгилдагидек ўтказа олмаган жуфтликларда афсусланиш ҳолатлари кузатилади. 

Бундан ташқари, тадқиқотчилар аксарият ажримларнинг март ва август ойларига тўғри келишини ўқув йилининг бошланиши ва тугалланиши ҳамда байрамлардан кейин молиявий аҳволни тартибга келтириш билан боғлашмоқда.

Социологлар АҚШнинг бошқа штатларидаги, хусусан, Оҳайо, Миннесота, Флорида ва Аризонадаги статистикаларни ҳам таҳлил қилиб, уларда ҳам худди шундай хулосага келишди. Улар тадқиқотни давом эттириб, ажримга рецессия, ипотека ва оила аъзоларининг бандлиги қандай таъсир кўрсатишини ўрганиб чиқишни режалаштиришмоқда.