Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари – фахрийларга”  акцияси ўтказилди

Жамият 05 Май 2016 23335

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан жорий йилнинг 5 май куни Тошкентдаги “Уруш ва меҳнат фахрийлари Республика пансионати”да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 2214 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига касаба уюшмалари томонидан манзилли моддий ёрдам  кўрсатилди.

Хусусан, акция доирасида Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир ҳудуддан 25 нафардан, 350 нафар уруш ва меҳнат фахрийсининг буюк алломалар қадамжоларига ҳамда мустақиллик даврида Ўзбекистонда бунёд этилган диққатга сазовор масканларга ташрифлари ташкил этилди.

Бундан ташқари мустақиллик йилларида хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган 217 нафар ватан ҳимоячисининг оилалари ҳолидан хабар олиниб, уларга манзилли моддий ёрдам кўрсатилди. 900 нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти қатнашчиси тизимдаги санаторийларда давлат бюджети ҳисобидан, 150 нафар меҳнат фахрийси эса касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. Корхона, ташкилот ва муассасалар бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан эса ҳозирда нафақада бўлган уруш қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, 400 нафарга яқин кекса авлод вакили, жангчи-фахрийлар (байналмилалчилар) учун театр, концертларга ташрифлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, улар моддий ва маънавий рағбатлантирилди.